Низом

 

 

Наманган шаҳар мактабгача таълим бўлими тўғрисида намунавий

НИЗОМ

 

1-боб.  Умумий қоидалар

 

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил             30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5198-сон Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3305-сон Қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги тўғрисидаги Низомга мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Наманган шаҳар мактабгача таълим бўлимининг (кейинги ўринларда бўлим деб юритилади) ҳуқуқий мақомини, асосий вазифалари ва функцияларини, ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини, шунингдек фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Бўлим Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг тузилмавий бўлинмаси ҳисобланиб, Наманган шаҳар бўйича мактабгача таълим тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш ишларини ташкил этиш бўйича бошқарув органидир.

3. Бўлим Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармасига бўйсунади ва ҳисобот беради.

4. Бўлим ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Мактабгача таълим вазирлигининг буйруқ ва ички меъёрий ҳужжатларига, Мактабгача таълим вазирлигиҳайъати баённомаси қарорларига, вилоят мактабгача таълим бошқармаси ва маҳаллий ҳокимликларнинг қарорларига, ушбу низомга, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

5. Бўлим ўз фаолиятини давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек, қонунчиликда ўрнатилган тартибда Мактабгача таълим вазирлиги билан келишган ҳолда хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.

6. Бўлим юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг давлат герби тасвири ва ўз номи туширилган муҳр ва бланкларга, мустақил балансига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ғазначилигининг ҳудудий бўлинмаларида шахсий ғазна ҳисобварағига эга бўлади.

7. Бўлимнинг юридик манзили (почта манзили): Наманган вилояти, Наманган шаҳри, Б.Машраб кўчаси, 12-уй, индекс:170100.

 

2-боб. Бўлимнинг вазифалари ва функциялари

 

8. Қуйидагилар бўлимнинг вазифалари ҳисобланади:

ваколатидан келиб чиқиб, шаҳар ҳудудида мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш орқали улар орасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, мактабгача таълим-тарбиянинг муқобил шаклларини ташкил этиш ҳисобига барча болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига босқичма-босқич қамраб олинишини таъминлаш;

илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда мактабгача ёшдаги болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратилишини таъминлаш;

мактабгача таълим муассасаларида давлат талабларининг тўлақонли бажарилишини таъминлашда кузатиш ва таҳлил натижасида тарбияланувчиларбилимида аниқланган бўшлиқлар ва уларни тўлдириш юзасидан амалий методик ёрдам кўрсатиш;

мактабгача таълим муассасаларида замонавий инновацион педагогик технологияларни, таълим ва тарбиянинг самарали шакллари ва  усулларини, мактабгача таълим соҳасидаўрганилган илғор иш тажрибаларини жорий этиш;

мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактабгача таълим бўйича амалга оширилаётган ишларни кузатиш, таҳлил қилиш ҳамда аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан уларга методик ёрдам кўрсатиш;

мактабгача таълим муассасалари педагог ва тарбияланувчилари томонидан ўқув-методик, дидактик материаллар, ўйин ва ўйинчоқлар, бадиий адабиётлардан фойдаланишда методик ёрдам кўрсатиш;

замонавий педагогик технологиялар ва методларни ҳисобга олган ҳолда  болаларни тарбиялаш, мактаб таълимига тайёрлаш ва ҳар томонлама ривожлантиришда тасарруфидаги мактабгача таълим муассасаларини юқори касбий маҳоратга эга бўлган тажрибали ва малакали кадрлар билан таъминлаш;

тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини ташкил этиш;

шаҳар мактабгача таълим бўлими ва унинг тизимидаги кадрлар заҳирасини шакллантириш;

мактабгача таълим муассасаларида илғор иш тажрибаларни аниқлаш, ўрганиш, умумлаштириш ва оммалаштириш ишларининг самарали усулларини амалиётга татбиқ этиш ҳамда вилоят миқёсида оммалаштириш бўйича тавсиялар бериш;

мактабгача таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнига ўқитишнинг замонавий илғор самарали шакл ва усулларини, янги педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларни жорий этиш ҳамда узлуксиз методик хизматни йўлга қўйишда метод бирлашмалар фаолиятини йўлга қўйиш;

мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг белгиланган тиббий меъёрлар асосида соғлом, хавфсиз, рационал (тўлақонли) овқатланишини таъминлаш ва назорат қилиш;

тарбияланувчилар ва педагогларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлашни таъминлаш;

мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш.

9. Бўлим ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

шаҳар ҳудудида мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш, тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга методик раҳбарлик қилиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда аҳолининг мактабгача таълимга бўлган эҳтиёжларини қондириш, мактабгача ёшдаги болаларни ҳар томонлама ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш ва мактаб таълимига сифатли тайёрлашда мактабгача таълимга қўйиладиган давлат талабларига амал қилинишини мониторинг ва назорат қилиш;

болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлашнинг альтернатив шакллари бўлган қисқа муддатли гуруҳлар, нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини ривожлантириш, улар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш ҳамда таълим хизматларининг турларини кўпайтиришда кенг жамоатчилик орасида тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга ошириш;

давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини  мактабгача таълим тизимига оид ишлаб чиқилган норматив-хуқуқий ҳужжатларда белгиланган талабларига мувофиқ амалга оширилиши бўйича узлуксиз методик ёрдам кўрсатиш;

мактабгача таълимга қамраб олинмаган болаларнинг ота-оналарига фарзандларини мактабгача таълимга қамраб олиш ва мактаб таълимига тайёрлаш масалаларида методик маслаҳатлар бериш;

ҳудуддаги имконияти чекланган болаларни учун ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш ва  ривожлантириш;

ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларидаги жисмоний ва психик ривожланишида нуқсони бўлган тарбияланувчиларни  соғломлаштириш, уларнинг  имкониятига кўра таълим-тарбия ва коррекцион ишларни ташкил этиш;

ҳудуд мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган самарали иш усулларини оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда ёритиб боришни кўзда тутувчи тадбирларни амалга ошириш;

мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчиларнинг билими ва маънавий-ахлоқий даражасини янада юксалтириш мақсадида сўровнома, давра суҳбатлари ўтказиш орқали жамоатчилик фикрини ўрганишни ташкил қилиш;

овқатлантиришни  ташкил этишга маъсул ходимлар ҳамширалар, ошпазлар, омборчиларни ҳар уч йилда бир марта мактабгача таълим муассасаларида соғлом ва хавфсиз овқатланишни ташкил этиш бўйича малакасини ошириш ишларини ташкил қилиш;

ҳудудий соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда мактабгача таълим муассасаларида болаларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда уларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича профилактика чора-тадбирларини амалга оширилишини мувофиқлаштириш;

мактабгача таълим муассасаларидаги изланувчан, ижодкор, илғор юқори касбий маҳоратга эга бўлган педагог ходимларни самарали хизматлари, эришган ютуқлари учун давлат ва соҳамукофотларига белгиланган тартибда тавсия этиш;

мактабгача таълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиши ва уларнинг зарур жиҳозлар билан таъминланиши, таълим муассасаларининг кузги-қишки мавсумга тайёргарлик ишларини ташкиллаштиради;

бўлимнинг марказлашган бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш, харажатлар сметаси ва штатлар жадвалини тузиш, бўлим марказий аппарати ва марказлашган маблағлари харажатлари бўйича тўловларни амалга ошириш, бўлимнинг моддий бойликлари, ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва бўлим фаолиятига доир бошқа хизматлар бўйича амалдаги қонунчилик талабларига асосан ҳисоб-китобларни амалга ошириш;

барча турдаги молиявий ҳисоботларни (чораклик ва йиллик) тегишлилиги бўйича юқори ташкилотларга топшириш ҳамда давлат статистика, солиқ, молия органларига, тегишли банк ва ижтимоий таъминот бўлинмаларига ҳисобот бериб бориш;

фаолияти доирасидаги масалалар бўйича фуқароларни қабул қилади, мурожаат, ариза ва шикоятлар, таклиф ва тавсияларни ўрганади, мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан ваколати доирасида тегишли чоралар кўради.

Бўлим қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам бажариши мумкин.

 

3-боб. Бўлимнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

10. Бўлим ўзига юкланган вазифа ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ҳудуддаги мактабгача таълим муассасаларидан уларнинг ваколатларига кирувчи масалалар бўйича ҳужжатлар, статистик маълумотлар, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа ахборотларни олиш;

бўлимга юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ ҳужжатларни белгиланган тартибда вилоят мактабгача таълим бошқармасига киритиш;

мактабгача таълим тизимига оид масалаларни ҳал этиш, таълим муассасалари фаолияти ишларини такомиллаштириш, уларнинг ўқув-методик ва моддий базасини мустаҳкамлаш, юқори касбий даражага эга бўлган малакали педагог кадрлар билан таъминлаш юзасидан таклифларни юқори бошқарув органларига киритиш;

ҳайъат йиғилишларида бўлим ваколатига кирувчи масалалар бўйича  мактабгача таълим муассасалари ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш;

мактабгача таълим тизимини ривожлантиришда ўзининг самарали ҳиссасини қўшган педагоглар ва раҳбар кадрларни рағбатлантириш ва мукофотлашга тавсия этиш;

ўз фаолиятини кенг ёритиш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги билан келишган ҳолда бошқарманинг рухсатига кўра расмий веб-сайтлар, шунингдек ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини яратиш;

ваколатига кирувчи масалалар бўйича тизимдаги мактабгача таълим муассасалари ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш;

мактабгача таълим муассасалари томонидан “Таълим тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари бажарилишини белгиланган тартибда назорат қилиш ҳуқуқларига эгадир.

Бўлим қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

11. Бўлим қуйидагиларга мажбур:

амалдаги қонун ҳужжатлари Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Наманган вилоят мактабгача таълим бошқармасининг норматив ҳужжатларини ўз вақтида, қатъий, сифатли ва самарали бажаришга;

ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беришга;

ҳудудидаги мактабгача ёшдаги болаларни мактабгача таълимга тўлиқ қамраб олиниши ва мактаб таълимига сифатли тайёрланишига;

мактабгача таълим муассасаларига узлуксиз методик хизмат кўрсатишга;

ўз фаолияти тўғрисида очиқ ахборотлар билан танишиш эркинлигини таъминлашга;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли давлат органларига ўз фаолияти тўғрисида ҳисоботлар тақдим этишга.

Бўлимга қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.

 

4-боб. Бўлим фаолиятини ташкил этиш

 

12. Бўлимга ҳудудий маҳаллий давлат ҳокимлиги ва мактабгача таълим бошқармасининг тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Мактабгача  таълим вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бўлим мудири раҳбарлик қилади.

13.Бўлим мудири:

бўлим фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ҳамда бўлимга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади;

шаҳар ҳудуди бўйича мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ҳамда бўлимга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини назорат қилади;

бўлимдаги ходимларнинг ваколатларини ҳамда тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари фаолият йўналишлари бўйича жавобгарлик даражасини белгилайди;

қабул қилинган қарорлар, буйруқлар ижроси таъминланиши устидан умумий назоратни амалга оширади;

ўз ваколатлари доирасида буйруқлар чиқаради, уларнинг ижро этилишини ташкил этади ва назорат қилади;

бўлим номенклатурасида бўлган кадрларни (вазирлик номенклатурасидан ташқари) белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

бўлим мудири ўз ваколати доирасида амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.

 

5-боб. Бўлимни молиялаштириш ва ходимларини

моддий рағбатлантириш

 

14. Бўлим моддий-техник таъминоти ва ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади:

15. Бўлим фаолияти давомида ходимларни моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳамда ижтимоий муҳофаза қилишни амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.

16. Бўлим ходимларининг иш ҳақи амалдаги қонун ҳужжатларига, штатлар жадвалига асосан харажатлар сметасида назарда тутилган лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақ ва устамалар, рағбатлантириш тўловлари, шунингдек моддий рағбатлантириш ва моддий ёрдам тўловларидан иборат бўлади.

 

6-боб. Якунловчи қоида

 

17. Бўлимни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.