Hurmatli ota-onalar va MTT xodimlari!

on .

O‘zbekiston Respublikasi Maktabgacha ta’lim vazirligi sizlarga shuni ma’lum qiladiki, bolalarning MTTda bo‘lgan davri uchun to‘langan to‘lovlarning qayta hisoblanishi 2016 yil 23 avgustdagi №2821 sonli “Maktabgacha ta’lim tashkilotlari va maktab-internatlarda bolalarning ta’minoti uchun to‘lovni amalga oshirish tartibi to‘g‘risidagi Nizom”ga asosan quyidagicha amalga oshiriladi:

— MTTda bolaning ta’minoti uchun olingan to‘lovlar uni ovqatlantirishga yo‘naltiriladi (Nizomning 2-bandi);

— agar bola 3 kundan ko‘p muddat mobaynida MTTga bormagan bo‘lsa, bu davr uchun amalga oshirilgan to‘lov bolalarning MTTda bo‘lishi bo‘yicha kelgusi to‘lovlarni amalga oshirishda inobatga olinadi (Nizomning 13-bandi);

— bola MTTga borishni to‘xtatgudek bo‘lsa, to‘lov bir oy uchun emas, balki uning MTTda bo‘lgan kuni uchungina amalga oshiriladi (Nizomning 14-bandi).

Nizomning yuqoridagi bandlaridan kelib chiqqan holda bolani MTTdagi ta’minoti uchun to‘lovni qayta hisoblashning quyidagi tartibi belgilangan:

  • Maktabgacha ta’lim tashkilotini tugatib, maktabga chiqadigan bolalar uchun oldindan kelgusi davrga to‘langan mablag‘lar ota-onasining arizasi asosida qaytarib beriladi.
  • 2020/2021-o‘quv yilida maktabgacha ta’lim tashkilotiga qatnashda davom etadigan bolalar uchun oldindan to‘langan mablag‘lar kelgusi oylar uchun to‘lovlarni undirishda inobatga olinadi.

 

Manba: namudo.uz

БАЙРАМ ТАБРИГИ

on .

   

   Бугун – халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни. Ҳар йили биз бу санани кенг миқёсда, бутун халқимиз иштирокида нишонлардик. Боз устига “АБВГДейка-2” нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг ташкил этилганига 2 йил тўлди. 1 июнда фаолият кўрсатишга бошлаган. Афсуски, дунё бўйлаб авж олган коронавирус пандемияси шароитида ҳозир ҳар йилгидай катта байрам қилишнинг иложи йўқ. Аммо ҳар бир киши фарзандларини, жами кичкинтойларни энг яхши тилаклар билдириб қутлайди. Чунки ҳаммамиз уларнинг келажаги порлоқ, осмонимиз мусаффо бўлишини истаймиз.
   Инсоният пайдо бўлибдики, ҳамиша яхши умидлар оғушида яшайди. Ўйлаймизки, бу машаққатли кунлар тезда ўтиб кетади. Ҳаёт албатта, ўз изига тушади, ўғил-қизларимиз боғча ва мактаблар бағрига қайтадилар. Қувноқ ва шодон давралар бардавом бўлади. Шунда ҳамма қийинчиликлар унут бўлиб кетади, байрамлар яна кенг нишонланадиган бўлади.
   Мана шу унутилмас лаҳзаларда “АБВГДейка-2” раҳбарларини, барча тарбиячи ва ходимларни, ота-оналарни, тарбияланувчи ўғил-қизларимизни Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан қизғин табриклаймиз. Машаққатли кунлар тезроқ ортда қолсин, омад, бахт-саодат, муваффақиятлар доим ҳамроҳингиз бўлсин. Ҳеч қачон камлик кўрманг!


“АБВГДейка-2" нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларининг

бир гуруҳ ота-оналари номидан Камолиддин Патхиддинов,

Умидахон Нурматова, Линара Атабаева.

БАРЧА САЪЙ-ХАРАКАТЛАРИМИЗ БОЛАЖОНЛАР УЧУН!

on .

   

   Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика комиссиясининг йиғилишида белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан изчил тадбирлар олиб борилмоқда. Вилоят мактабгача таълим бошқармаси ва шаҳар, туман мактабгача таълим  бўлимларида махсус  ишчи гуруҳлари тузилган бўлиб, мунтаззам фаолият олиб бормоқда.  Шу асосида Наманган шаҳар мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги МТТлар ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари  педагог-тарбиячилар томонидан  ота-оналар билан хамкорликда болалар билан турли хилдаги мавзуларда масофавий (ОНЛАЙН) машғулотлар мунтаззам олиб борилмоқда ва тарбияланувчиларнинг   қўл меҳнатлари,  мусиқа ва рақс ҳамда спорт билан доимий шуғулланишлари назоратга олинмоқда. 

   Шунингдек, Мактабгача таълим вазирлиги ва Миллий телерадиокомпанияси  билан хамкорликда болажонларимизни карантин давридаги вақтларини унумли ўтказишга кўмак бериш учун "онлайн боғча"-мактабгача таълим машғулотлар теле лойиҳаси тайёрланди. Мактабгача таълим вазирлигининг «ИЛК ҚАДАМ» давлат ўқув дастури асосида  3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болажонларимиз учун мўлжалланган ва «АҚЛВОЙ» номли машғулотларини  "BOLAJON" телеканали орқали намойиш этилмоқда,  уни болалар мароқ билан томоша қилмоқдалар. Ундан тарбияланувчиларнинг ота-оналари ҳам мамнун ва ўз миннатдорчиликларини билдиришмоқда. 

ШУ КУН ТАЛАБИ АСОСИДА

on .

   

   Мана бир неча ойдирки, коронавирус пандемияси жаҳоннинг турли мамлакатларида одамзодни қақшатиб, турмуш тарзини бутунлай ўзгартириб юборди. Бугунги кунда  мамлакатимизда ҳам мазкур офатнинг халққа таъсирини юмшатиш, ватандошларимиз учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида катта ғамхўрлик қилинмоқда. Амалга оширилаётган тадбирлар тез орада натижа бериб, манфур хасталик батамом чекинса, ажаб эмас.

   Бизнинг педагогик жамоамиз ҳам ана шу мақсадни кўзлаб, тарбияланувчиларнинг таътилларини мазмунли ва фойдали ўтказишлари учун шарт-шароит яратмоқда. Карантин тартибларига амал қилган ҳолда таълим-тарбия ишларини йўлга қўйишга ҳам киришганмиз. Шу кун талабларидан келиб чиқиб,  тарбиячиларимиз  кунлик режа асосида онлайн машғулотлар ўтмоқдалар. Бунда ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилмоқда.

  Айни вақтда болаларнинг ота-оналари билан ҳам кўпроқ мулоқот қилиш имконияти вужудга келди. Кичкинтойлар сабоқларни қандай ўзлаштирганини баҳолашда ота-оналарнинг фикрлари ҳам ҳисобга олинмоқда.  Шу билан бирга ҳар куни болалар билан мулоқотда шахсий гигиенага риоя қилиш, қўлларини тез-тез совунлаб ювишни уқтириляпти. Мана шундай эл бошига иш тушганда бирдамлик, ҳамжиҳатлик билан синовли кунларни енгишимиз, барча карантин қоидаларига амал қилишимиз зарурлиги ҳам уқтирилмоқда.

  Асосий мақсадимиз - фарзандларимизга таълим-тарбия беришда узилиш бўлмаслигини таъминлаш. Бу борада  Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги тақдим этган  бир қатор лойиҳалардан ҳам фойдаланяпмиз.  “Робоборик билан ўқувчи бўл!” онлайн курси,  Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ёрдамида тайёрланган “Онлайн болалар боғчаси” дастури доирасидаги  “Илк қадам” ва “Ақлвой” таълим лойиҳалари шулар жумласидандир. 

   Масофавий таълим туфайли  тарбияланувчилар уйда ўтириб ҳам боғча опалари, жажжи дўстларининг қувноқ даврасини ҳис қилмоқдалар.  Атроф-оламни ўрганиш, расм чизиш, ижодий ва таълим олиш, бадантарбия ҳамда чиниқиш, нутқ, мантиқий қобилиятларини ривожлантириш машғулотлари кичкинтойларда катта таассурот қолдирмоқда. Бу ишларда тажрибали мураббияларимиз Альфия Очилова, Донохон Ҳасанова, СожидаТурсуноваларнинг ҳиссаси катта бўлмоқда.

                                                        Зулфия НАЖМИДДИНОВА,

                                               Наманган шаҳридаги 6-мактабгача таълим ташкилоти мудираси.

АҲИЛЛИК ВА ҲАМЖИҲАТЛИКНИ КУЧАЙТИРАМИЗ

on .

       

Дунёдаги барча мамлакатлар қатори Ўзбекистон ҳам айни дамларда ташвишли кунларни бошидан кечирмоқда. Коронавирус пандемиясига чалинган одамлар ва шу сабабли қурбон бўлганлар сони тўхтовсиз ошиб бормоқда. Бундай шароитда фақат аҳиллик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, машъум хасталикни бартараф этиш учун бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш ўта муҳимдир. Буни   Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам ўзининг аҳолига мурожааатларида кўп марта таъкидлади.

 “Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашмоқда. Муфтият раҳбарлигида диний уламолар юртимизга тинчлик-хотиржамлик, беморларга шифо тилаб, дуои фотиҳалар қилишмоқда. Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади.”  Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги сўзлари ҳаммамизга катта далда бўлди.

   Бугунги кунда бутун мамлакатда хавфли ва юқумли инфекциянинг олдини олиш юзасидан кескин чоралар кўрилаётганлигига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Жойларда  ташкил этилган  махсус штаблар эпидемиологик вазият бўйича ҳар соатлик ва кунлик маълумотларни  таҳлил қилиб, тезкор чоралар қўлламоқдалар. Ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг бирон жабҳаси йўқки, уларда пандемияга қарши қатъий чоралар кўрилмаётган бўлса. Тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Сиҳатгоҳ ва оромгоҳлар карантин муассасалари сифатида мослаштирилди. Тиббиёт масканлари дори-дармон, ҳимоя ва диагностика воситалари билан етарли даражада таъминланди.

   Бошқа соҳалар қатори мактабгача таълим тизими ходимлари ҳам ҳозирги шароитда вазиятдан келиб чиққан ҳолда фаолият олиб бормоқдалар. Олиб борилаётган барча ишларни бўлимимизда фаолият олиб бораётган ишчи гуруҳ мувофиқлаштириб турибди. Маълумки, шу йил  16 мартдан бошлаб бошқа таълим муассасалари қатори мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига ҳам таътил берилди. Хатарли касаллик тарқалишига қарши зарур профилактика чора сифатида ҳамма болалар боғчалари дезинфекция қилинди.

  Шу билан бирга тарбияланувчиларга таътил даврида ҳам онлайн-машғулотлар ташкил этишга киришилди. Давлат ва нодавлат мактабгача тарбия ташкилотларининг педагоглари бунинг учун биринчи навбатда кичкинтойларнинг ота-оналари билан яқиндан мустаҳкам алоқа ўрнатдилар. Улар “зангора экран”да ва телеграмм-каналларда “Илк қадам” давлат ўқув дастури асосида ишлаб чиқилган теле лойиҳада иштирок этмоқдалар. 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болажонларимиз учун мўлжалланган “Илк қадам” ва “Ақлвой” номли машғулотларини  экран қаршисида биргаликда кузатиб, белгиланган вазифаларни бажаришда болажонларга ёрдам бермоқдалар. Албатта, биз бу борадаги ишларни янада такомиллаштириб, уларнинг самарадорлигини янаада оширамиз. Шу йўл билан тизимимиз ходимлари мамлакатда карантин шароитида ҳам таълим-тарбия ишларининг натижадорлигини таъминлашга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

     Давлатимиз раҳбари айтганидай, “Кўпни кўрган халқимиз янада жипслашиб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, бу мураккаб синовларни ҳам енгиб ўтади”.

                                                                  Рустамжон АТАМИРЗАЕВ,

Наманган шаҳар мактабгача

таълим бўлими мудири.