АҲИЛЛИК ВА ҲАМЖИҲАТЛИКНИ КУЧАЙТИРАМИЗ

on .

       

Дунёдаги барча мамлакатлар қатори Ўзбекистон ҳам айни дамларда ташвишли кунларни бошидан кечирмоқда. Коронавирус пандемиясига чалинган одамлар ва шу сабабли қурбон бўлганлар сони тўхтовсиз ошиб бормоқда. Бундай шароитда фақат аҳиллик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, машъум хасталикни бартараф этиш учун бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш ўта муҳимдир. Буни   Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам ўзининг аҳолига мурожааатларида кўп марта таъкидлади.

 “Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашмоқда. Муфтият раҳбарлигида диний уламолар юртимизга тинчлик-хотиржамлик, беморларга шифо тилаб, дуои фотиҳалар қилишмоқда. Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади.”  Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги сўзлари ҳаммамизга катта далда бўлди.

   Бугунги кунда бутун мамлакатда хавфли ва юқумли инфекциянинг олдини олиш юзасидан кескин чоралар кўрилаётганлигига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Жойларда  ташкил этилган  махсус штаблар эпидемиологик вазият бўйича ҳар соатлик ва кунлик маълумотларни  таҳлил қилиб, тезкор чоралар қўлламоқдалар. Ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг бирон жабҳаси йўқки, уларда пандемияга қарши қатъий чоралар кўрилмаётган бўлса. Тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Сиҳатгоҳ ва оромгоҳлар карантин муассасалари сифатида мослаштирилди. Тиббиёт масканлари дори-дармон, ҳимоя ва диагностика воситалари билан етарли даражада таъминланди.

   Бошқа соҳалар қатори мактабгача таълим тизими ходимлари ҳам ҳозирги шароитда вазиятдан келиб чиққан ҳолда фаолият олиб бормоқдалар. Олиб борилаётган барча ишларни бўлимимизда фаолият олиб бораётган ишчи гуруҳ мувофиқлаштириб турибди. Маълумки, шу йил  16 мартдан бошлаб бошқа таълим муассасалари қатори мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига ҳам таътил берилди. Хатарли касаллик тарқалишига қарши зарур профилактика чора сифатида ҳамма болалар боғчалари дезинфекция қилинди.

  Шу билан бирга тарбияланувчиларга таътил даврида ҳам онлайн-машғулотлар ташкил этишга киришилди. Давлат ва нодавлат мактабгача тарбия ташкилотларининг педагоглари бунинг учун биринчи навбатда кичкинтойларнинг ота-оналари билан яқиндан мустаҳкам алоқа ўрнатдилар. Улар “зангора экран”да ва телеграмм-каналларда “Илк қадам” давлат ўқув дастури асосида ишлаб чиқилган теле лойиҳада иштирок этмоқдалар. 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болажонларимиз учун мўлжалланган “Илк қадам” ва “Ақлвой” номли машғулотларини  экран қаршисида биргаликда кузатиб, белгиланган вазифаларни бажаришда болажонларга ёрдам бермоқдалар. Албатта, биз бу борадаги ишларни янада такомиллаштириб, уларнинг самарадорлигини янаада оширамиз. Шу йўл билан тизимимиз ходимлари мамлакатда карантин шароитида ҳам таълим-тарбия ишларининг натижадорлигини таъминлашга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

     Давлатимиз раҳбари айтганидай, “Кўпни кўрган халқимиз янада жипслашиб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, бу мураккаб синовларни ҳам енгиб ўтади”.

                                                                  Рустамжон АТАМИРЗАЕВ,

Наманган шаҳар мактабгача

таълим бўлими мудири.