ШУ КУН ТАЛАБИ АСОСИДА

on .

   

   Мана бир неча ойдирки, коронавирус пандемияси жаҳоннинг турли мамлакатларида одамзодни қақшатиб, турмуш тарзини бутунлай ўзгартириб юборди. Бугунги кунда  мамлакатимизда ҳам мазкур офатнинг халққа таъсирини юмшатиш, ватандошларимиз учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида катта ғамхўрлик қилинмоқда. Амалга оширилаётган тадбирлар тез орада натижа бериб, манфур хасталик батамом чекинса, ажаб эмас.

   Бизнинг педагогик жамоамиз ҳам ана шу мақсадни кўзлаб, тарбияланувчиларнинг таътилларини мазмунли ва фойдали ўтказишлари учун шарт-шароит яратмоқда. Карантин тартибларига амал қилган ҳолда таълим-тарбия ишларини йўлга қўйишга ҳам киришганмиз. Шу кун талабларидан келиб чиқиб,  тарбиячиларимиз  кунлик режа асосида онлайн машғулотлар ўтмоқдалар. Бунда ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилмоқда.

  Айни вақтда болаларнинг ота-оналари билан ҳам кўпроқ мулоқот қилиш имконияти вужудга келди. Кичкинтойлар сабоқларни қандай ўзлаштирганини баҳолашда ота-оналарнинг фикрлари ҳам ҳисобга олинмоқда.  Шу билан бирга ҳар куни болалар билан мулоқотда шахсий гигиенага риоя қилиш, қўлларини тез-тез совунлаб ювишни уқтириляпти. Мана шундай эл бошига иш тушганда бирдамлик, ҳамжиҳатлик билан синовли кунларни енгишимиз, барча карантин қоидаларига амал қилишимиз зарурлиги ҳам уқтирилмоқда.

  Асосий мақсадимиз - фарзандларимизга таълим-тарбия беришда узилиш бўлмаслигини таъминлаш. Бу борада  Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги тақдим этган  бир қатор лойиҳалардан ҳам фойдаланяпмиз.  “Робоборик билан ўқувчи бўл!” онлайн курси,  Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ёрдамида тайёрланган “Онлайн болалар боғчаси” дастури доирасидаги  “Илк қадам” ва “Ақлвой” таълим лойиҳалари шулар жумласидандир. 

   Масофавий таълим туфайли  тарбияланувчилар уйда ўтириб ҳам боғча опалари, жажжи дўстларининг қувноқ даврасини ҳис қилмоқдалар.  Атроф-оламни ўрганиш, расм чизиш, ижодий ва таълим олиш, бадантарбия ҳамда чиниқиш, нутқ, мантиқий қобилиятларини ривожлантириш машғулотлари кичкинтойларда катта таассурот қолдирмоқда. Бу ишларда тажрибали мураббияларимиз Альфия Очилова, Донохон Ҳасанова, СожидаТурсуноваларнинг ҳиссаси катта бўлмоқда.

                                                        Зулфия НАЖМИДДИНОВА,

                                               Наманган шаҳридаги 6-мактабгача таълим ташкилоти мудираси.