5 ТА МУҲИМ ТАШАББУС АМАЛДА

on .

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижросини таъминлаш  ва қўллаб-қувватлаш мақсадида Наманган шаҳридаги  48-сонли мактабгача  таълим ташкилотида 2 ташаббус бўйича ташкилот тарбияланувчилари ўртасида “Соғломжон-полвонжон” мусобақалари бўлиб ўтди.

МУНОСАБАТ: БИЗНИНГ ҲИССАМИЗ

on .

     Кейинги йилларда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини  янада жадаллаштириш масаласи кун тартибига қўйилди. Жамият ҳаётининг барча жабҳаларида туб ислоҳотларнинг амалга оширилиши у ёки бу соҳа фаолиятида ўзгариш ясабгина қолмай, одамлар онгини ҳам юксалтирмоқда. Халқимизда ёрқин келажакка умид, эртанги кунга ишонч мустаҳкамланмоқда.

   Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномаси билан танишар эканман, хаёлимдан беихтиёр шу фикрлар ўтди. Мазкур ҳужжатда тараққиётнинг янги, янада юксакроқ марраларини эгаллаш учун жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновацияларни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди. Албатта, бунда   ташаббускор,  ислоҳотчи, истиқболни кўзлаб фикр юрита оладиган  янги авлод кадрларини тарбиялаш зарурлиги, илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш рўй бериши мумкинлиги қайд этилди.

    Мурожаатномада таълим соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш юзасидан ҳам қатор фикрлар билдирилганлиги диққатга сазовордир. Хусусан, бу борада бултур амалга оширилган ишлар барчамизни қувонтирмай қўймайди. Президентимиз таъкидлаганидай, 2019 йилда мутлақо янгича мазмун ва шаклдаги 4 та Президент мактаби, 3 та Ижод мактаби иш бошлади. Олий таълимни ривожлантириш учун ўтган йили 19 та янги олий ўқув юрти, жумладан, 9 та нуфузли хорижий университетнинг филиали очилди. Етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорликда 141 та қўшма таълим дастури бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Олий таълим муассасаларига жами 146 минг 500 нафар ёки 2016 йилга нисбатан 2 баробар кўп талаба ўқишга қабул қилинди.

     Мактабгача таълимни ривожлантириш борасида бошлаган ислоҳотларимиз натижасида ўтган йили 5 минг 722 та давлат, хусусий, оилавий болалар боғчалари ташкил этилди. Шунинг ҳисобидан фарзандларимизни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси бир йил давомида 38 фоиздан 52 фоизга кўтарилди. 2020 йилда эса бу кўрсаткични 60 фоизга етказиш масаласи ўртага қўйилди.

     Шу ўринда мактабгача таълимни ривожлантиришда вилоятимизда, жумладан, шаҳримизда қатор ибратли тадбирлар амалга оширилаётганлигини айтиб ўтиш лозим. Ҳар биримизни хурсанд этадиган жиҳат шундаки, Наманганимизда ҳам янги-янги масканлар очилиб,  кичкинтойларни ўз бағрига олмоқда. Ўтган йилнинг ўзида қирққа яқин янги мактабгача таълим ташкилотлари фаолият бошлади. Улар орасида  давлат хусусий-шерикчилик асосидаги,   нодавлат ва оилавий  мактабгача таълим ташкилотлари бор. Шунингдек,   олти ёшлилар учун жами 125  тадан ортиқ қисқа муддатли гуруҳлар ҳам ташкил этилди. Натижада болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш даражаси сезиларли даражада ошди. 

    2020 йилда мазкур кўрсаткични 60 фоизга етказиш чора-тадбирларини кўрамиз. Бу, бизнинг Мурожаатномада қўйилган вазифаларни бажаришга қўшган муносиб ҳиссамиз бўлади. Албатта, янги, илғор педагогик технологиялар асосида таълим-тарбия савиясини юқори даражага кўтариш ҳам диққатимиз марказида туради.

Рустамжон АТАМИРЗАЕВ,

Наманган шаҳар халқ таълими бўлими мудири.

 

48-МТТда “ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ” ТАДБИРИ

on .

Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ва 14 январ - “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан Наманган шаҳридаги 48-сонли мактабгача таълим ташкилотида Ўзбекистон Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Наманган вилояти мудофаа ишлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий Кенгаши, ҳамда шаҳар мактабгача таълим бўлими билан хамкорликда “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида “Ватанпарварлик миллий юксалиш кафолати” шиори остида маънавий- маърифий тадбир ўтказилди. Тадбир сўнгида МТТ болажонларнинг ҳарбий чиқишлари тадбирга ўзгача кўтаринкилик бахш этди.

“ЮКСАЛИШ” МФЙда ЯНГИ МТТ ОЧИЛДИ

on .

Наманган шаҳридаги “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғинида янгидан қуриб битказилган давлат мактабгача таълим ташкилотининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Замонавий талаблар асосида бунёд этилган 46-сонли мактабгача таълим ташкилотининг лойиҳа қиймати 15 млрд. 741 млн. сўмни ташкил этиб, 385 ўринга мўлжалланган бўлиб, 50 та янги иш ўрни яратилди. 15 та гуруҳ хонаси, кутубхона, мусиқа, гимнастика ва жисмоний тарбия заллари замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган. 160 нафар болага мўлжалланган умумий овқатланиш хонаси, 2 та чўмилиш ҳавзаси, ёзги айвончалар, ўйингоҳларда тарбияланувчилар учун барча шароитлар яратилган. Тадбирда вилоят ҳокими Х.Бозаров, вилоят ҳокимининг ўринбосари П.Маткаримов, шаҳар ҳокими Ш.Абдуразаков, вилоят Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғининг ўринбосари А.Юлдашев, шаҳар Мактабгача таълим бўлими раҳбар-ходимлари, нуронийлар, маҳалла фаоллари, ота-оналар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

ЯНГИ ЙИЛ ЎЙЛАРИ: МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ – КЕЛАЖАК АСОСИ

on .

   

     Яна бир неча кундан сўнг тарихда ўчмас излар қолдирган 2019 йил билан ҳам хайрлашиб, янги йил сари қадам қўямиз. Ўтган давр мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида муҳим роль ўйнади. Ҳар биримизни хурсанд этадиган жиҳат шундаки, кейинги пайтда бошқа соҳалар қатори мактабгача таълим ҳам юқори суръатлар билан ривожланмоқда. Бошқа ҳудудлар қатори шаҳримизда ҳам янгги-янги масканлар очилиб,  кичкинтойларни ўз бағрига олмоқда.

    Масалан, шу йил бошида вилоят марказида  мактабгача таълим ёшидаги болалар сони 54384 нафарни ташкил этди, Боғчаларга қамраб олинганлар миқдори эса 24 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткични яхшилаш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилди. Мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш диққат марказида бўлди. Натижада ўн ой мобайнидаёқ  33 та, шундан 2 та давлат хусусий-шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари, 16 та нодавлат ва 15 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятлар йўлга қўйилди. Бундан ташқари, қамровни кенгайтириш мақсадида олти ёшлилар учун жами 126 та қисқа муддатли гуруҳлар ҳам ташкил этилди. Уларга 5500 дан зиёд кичкинтойлар жалб этилди. Натижада болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш даражаси 45 фоиздан ошиб кетди. Албатта, бу чегара эмас ва келгусида соҳани ривожлантириш юзасидан олиб борилаётган ишлар изчил давом эттирилади.

   Яна бир диққатга сазовор томони шундаки, кейинги даврда нодавлат, давлат-хусусий шерикчилик асосидаги ва оилавий мактабгача таълим ташкилотлари сони ҳам ортиб бормоқда. Улар орасида мен раҳбарлик қилаётган “Ширинтой беғубор болажон” нодавлат МТТ ҳам бор. Бизда айни пайтда  160 нафар ўғил-қиз таълим-тарбия олмоқда. Машғулотлар замонавий педагогик технологиялар асосида олиб борилмоқда. Бунда тажрибали тарбиячилар Рислиғой Юнусова, Елена Захаричева, Шаҳноза Атаханова, Наргиза Нурбоева айниқса, ибрат кўрсатмоқдалар. Болаларни инглиз тилига барвақт ўргатиш мақсадида тўгараклар ҳам ташкил этилган.

   Яқинда матбуотда Ўзбекистон Республикасининг “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонуни эълон қилинди. Мазкур ҳужжат соҳа ходимлари олдига бир қатор муҳим вазифаларни қўяди. Қайд этилганидай, мактабгача таълим ва тарбия — болаларга таълим ва тарбия беришга, уларни интеллектуал, маънавий-ахлоқий, этик, эстетик ва жисмоний жиҳатдан ривожлантиришга, шунингдек болаларни умумий ўрта таълимга тайёрлашга қаратилган узлуксиз таълим туридир.  Бу борадаги давлат стандарти эса таълим-тарбия жараёнининг ҳажмига, мазмунига ва сифатига, мактабгача таълим ташкилотини қуриш ва жиҳозлашга, шунингдек мактабгача ёшдаги болаларнинг соғлом овқатланишини ва хавфсизлигини ташкил этишга доир мажбурий талаблардан иборат.

      Қонунда нодавлат мактабгача таълим ташкилоти нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни амалга оширишга доир лицензия асосида мактабгача таълим ва тарбия соҳасида таълим ва тарбия хизматларини кўрсатувчи юридик шахс эканлиги ҳам кўрсатилган.  Ҳеч шубҳа йўқки, ушбу қонунда белгиланган талаблар асосида иш юритиш соҳани янада тараққий эттиришга хизмат қилади.

 

 Раънохон МУҲАМЕДОВА,

 “Ширинтой беғубор болажон”

 нодавлат мактабгача таълим

 ташкилоти директори.