Танлов

on .

Жорий йил шаҳар мактабгача таълим муассасаларидаги ошпазлар ўртасида  “Йилнинг энг яхши мактабгача таълим муассасаси ошпази” танловининг шаҳар босқичи юқори савия ташкил этиб ўтказилди.

Шу муносабат билан шаҳар мактабгача таълим бўлими мудири Р.Атамирзаевнинг буйруғи чиқарилган. Мазкур хужжатда ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 9 сентябрдаги ПҚ 3261-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан, Мактабгача таълим вазирлиги ва Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси билан ҳамкорликда таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар режасини бажариш мақсадида 2018 йилнинг июнь ойида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятларда Республика “Йилнинг энг яхши мактабгача таълим муассасаси ошпази” ва “Йилнинг энг намунали ошхонаси” кўрик танловларини ўгказиш режалаштирилганлиги, Наманган вилоят мактабгача таълим бошқармасининг 2018 йил 28 майдаги 01-010/635-сонли хати ижросини Наманган шаҳридаги мактабгача таълим муассасаларида таъминлаш мақсадида ташкил этилаётганлиги таъкидланган. Буйруққа биноан танловни ўтказувчи ташкилий қўмита ҳам тузилган.

           Ушбу буйруққа асосан танловнинг шаҳар босқичи бўлиб ўтди. Танлов якунига кўра Наманган шаҳар 6-мактабгача таълим муассасаси ошпази биринчи ўринни қўлга киритиб, вилоят босқичига йўлланма олди.

Мактабгача таълим соҳасига янги тизим жорий этилади

on .

Президент Шавкат Мирзиёев  яқинда Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Олтиариқ тумани Қапчиғой маҳалласидаги “Smart kids” нодавлат мактабгача таълим муассасасида яратилган шароитлар билан танишди. 

“Обод қишлоқ” дастури доирасида давлат-хусусий шериклик асосида янгидан барпо этилган мазкур маскан 210 болага мўлжалланган. Муассаса болаларнинг ақлий ва жисмоний ривожланишига кўмаклашувчи замонавий инвентарлар, илғор педагогик технологиялар билан жиҳозланган. 

Болалар кутубхонаси, ёзги ўйин майдончаси, сузиш ҳавзаси, спорт майдони, 8 гуруҳга мўлжалланган ётоқхона, машғулот ва мусиқа заллари, овқатланиш хонаси, айниқса, тарбиявий ўйинчоқлар ва ранг-баранг ўқув қуроллари кичкинтойларга болалик гаштини суриш ва муносиб тарбияланиш имконини яратади. Инглиз ва рус тиллари, ментал арифметиканинг янги инновацион услублар асосида ўргатилиши “Smart kids” фаолиятининг жаҳон стандарти талабларига мос мазмун касб этишини англатади. 

Президентимиз ушбу инновацион боғчада болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. 

Бугунги кунда Фарғона вилоятида 38 та шундай замонавий мактабгача таълим муассасаси ишга тушган. Жорий йилда ҳудудда яна 9 та ана шундай нодавлат мактабгача таълим муассасаси барпо этиш мўлжалланган. 

Шу ерда мактабгача таълим тизимида татбиқ этилаётган Интеграциялашган мониторинг электрон тизими тақдимоти ўтказилди. Ушбу тизимда болаларнинг туғилишидан то вояга етгунча бўлган ҳолати, соғлиги, ривожланиши, ўзлаштириши ҳақида маълумотлар базаси тўпланади. Бундай ёндашув таълим-тарбия тизими учун янгилик бўлиб, фарзандларимизнинг билимли, салоҳиятли бўлиб улғайишида муҳим омил бўлади. 

Давлатимиз раҳбари мактабгача таълим соҳасидаги маълумотларни кузатиш, таҳлил қилиш имконини берувчи мазкур янги тизим таълим-тарбияда келгуси йўналишларни белгилаш имконини беришини таъкидлади. Ушбу электрон тизимни маълумотлар билан тўлдириш, уни таълимнинг кейинги босқичларида ҳам қўллаш бўйича топшириқлар берди. 

 Манба: УзА.