МУНОСАБАТ: БИЗНИНГ ҲИССАМИЗ

on .

     Кейинги йилларда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини  янада жадаллаштириш масаласи кун тартибига қўйилди. Жамият ҳаётининг барча жабҳаларида туб ислоҳотларнинг амалга оширилиши у ёки бу соҳа фаолиятида ўзгариш ясабгина қолмай, одамлар онгини ҳам юксалтирмоқда. Халқимизда ёрқин келажакка умид, эртанги кунга ишонч мустаҳкамланмоқда.

   Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномаси билан танишар эканман, хаёлимдан беихтиёр шу фикрлар ўтди. Мазкур ҳужжатда тараққиётнинг янги, янада юксакроқ марраларини эгаллаш учун жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновацияларни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди. Албатта, бунда   ташаббускор,  ислоҳотчи, истиқболни кўзлаб фикр юрита оладиган  янги авлод кадрларини тарбиялаш зарурлиги, илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш рўй бериши мумкинлиги қайд этилди.

    Мурожаатномада таълим соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш юзасидан ҳам қатор фикрлар билдирилганлиги диққатга сазовордир. Хусусан, бу борада бултур амалга оширилган ишлар барчамизни қувонтирмай қўймайди. Президентимиз таъкидлаганидай, 2019 йилда мутлақо янгича мазмун ва шаклдаги 4 та Президент мактаби, 3 та Ижод мактаби иш бошлади. Олий таълимни ривожлантириш учун ўтган йили 19 та янги олий ўқув юрти, жумладан, 9 та нуфузли хорижий университетнинг филиали очилди. Етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорликда 141 та қўшма таълим дастури бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Олий таълим муассасаларига жами 146 минг 500 нафар ёки 2016 йилга нисбатан 2 баробар кўп талаба ўқишга қабул қилинди.

     Мактабгача таълимни ривожлантириш борасида бошлаган ислоҳотларимиз натижасида ўтган йили 5 минг 722 та давлат, хусусий, оилавий болалар боғчалари ташкил этилди. Шунинг ҳисобидан фарзандларимизни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси бир йил давомида 38 фоиздан 52 фоизга кўтарилди. 2020 йилда эса бу кўрсаткични 60 фоизга етказиш масаласи ўртага қўйилди.

     Шу ўринда мактабгача таълимни ривожлантиришда вилоятимизда, жумладан, шаҳримизда қатор ибратли тадбирлар амалга оширилаётганлигини айтиб ўтиш лозим. Ҳар биримизни хурсанд этадиган жиҳат шундаки, Наманганимизда ҳам янги-янги масканлар очилиб,  кичкинтойларни ўз бағрига олмоқда. Ўтган йилнинг ўзида қирққа яқин янги мактабгача таълим ташкилотлари фаолият бошлади. Улар орасида  давлат хусусий-шерикчилик асосидаги,   нодавлат ва оилавий  мактабгача таълим ташкилотлари бор. Шунингдек,   олти ёшлилар учун жами 125  тадан ортиқ қисқа муддатли гуруҳлар ҳам ташкил этилди. Натижада болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш даражаси сезиларли даражада ошди. 

    2020 йилда мазкур кўрсаткични 60 фоизга етказиш чора-тадбирларини кўрамиз. Бу, бизнинг Мурожаатномада қўйилган вазифаларни бажаришга қўшган муносиб ҳиссамиз бўлади. Албатта, янги, илғор педагогик технологиялар асосида таълим-тарбия савиясини юқори даражага кўтариш ҳам диққатимиз марказида туради.

Рустамжон АТАМИРЗАЕВ,

Наманган шаҳар халқ таълими бўлими мудири.