ВИЛОЯТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ БОШҚАРМАСИНИНГ МУРОЖААТИ

on .

Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармасининг вилоятдаги барча мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг
ота-оналарига, соҳада хизмат қилаётган педагог-ходимлар, тарбиячи ва мураббийлар ҳамда жамоатчилик вакиллари, ҳамкор ташкилот мутасаддиларига
МУРОЖААТИ

Азиз ота-оналар соҳада меҳнат қилаётган педагог-ходимлар, тарбиячи ва мураббийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари!

Биринчи бўлиб Хитойда авж олган “Коронавирус” пандемияси жаҳоннинг турли мамлакатларида одамзодни қақшатиб, турмуш тарзини бутунлай ўзгартириб юборганига мана уч ойдан ошди.
Афсуски, бу офат Юртимизни ҳам четлаб ўтмади.
Албатта, сайёрамизнинг ҳамма ерида юзага келган бундай вазиятга қарши курашиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам Муҳтарам Юртбошимиз раҳбарликларида Ҳукуматимиз томонидан мазкур офатнинг халққа ва иқтисодиётга зарарли таъсирини юмшатиш, ватандошларимиз учун зарур ҳаётий шарт-шароитлар яратиш, халқни фаровонлигини таъминлаш чораларини кўриш амалга оширилмоқда ва ҳар бир фуқарога ғамхўрлик қилиб келинмоқда. Юртбошимиз томонларидан кўрсатилаётган бундай оталарча ғамхўрлик, фидойиликни ҳар биримиз юрак-юрагимиздан чуқур ҳис қилиб турибмиз. Бу ишларнинг барчаси кун келиб, ўзининг ижобий натижаларини беради ва ҳеч шубҳа йўқки, манфур касаллик юртимиздан батамом чекинади.
Шундай шароитда барчамиз бу касалликка қарши кураш йўлида бирлашишимиз, ҳар қачонгидан ҳам аҳил бўлишимиз талаб этилади. Чунки бундай қалтис вазиятда хотиржамликка берилишга ҳеч қандай ҳаққимиз йўқ! Карантин чораларига, шифокорларнинг маслаҳатларига қатъий, аниқ ва изчил риоя қилишни замоннинг ўзи талаб этмоқда.
Энг глобал масала, катта хавф ва хатарни аҳоли орасида кенг тарқалишини олдини олиш юзасидан Президент фармони қабул қилинди. Юртбошимиз халқимизга такрор-такрор Мурожаат билан чиқдилар. Бош вазир баёноти ва бир қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалий ишлар бошлаб юборилди.
Шунингдек, Мактабгача таълим вазирининг 2020 йил 15 мартдаги “Мактабгача таълим ташкилотларида коронавирус инфекциясининг профилактикаси бўйича чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида”
39-сонли, 17 мартдаги “Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг йиғилиш баёни ижросини таъминлаш тўғрисида” 42-сонли, 25 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 50-сонли буйруқларини вилоятда ижросини таъминлаш мақсадида изчил тадбирлар олиб борилмоқда. Вилоят мактабгача таълим бошқармаси, шаҳар, туман мактабгача таълим бўлимларида ташкил этилган штаблар бугунги кунда мунтазам фаолият олиб бормоқда.
Коронавирус касаллиги сабабли шу йил 16 мартдан бошлаб мактабгача таълим ташкилотларида “Карантин” эълон қилиниб, тарбияланувчиларга таътил берилганлигига қарамай, барча давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг раҳбарлари, педагог-тарбиячилар томонидан телефон, телеграмм каналлари орқали ҳар кун тарбияланувчилар соғликлари, уларнинг аҳволларидан хабар олиниб, патронаж, мониторинг ишлари ўтказиб келинмоқда.

Ҳурматли ота-оналар!

Муҳтарам Юртбошимиз томонларидан 3 апрель куни коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича халққа йўллаган мурожаатларида “Ишонтириб айтаманки, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъулмиз.” дея таъкидлаб ўтганларидек, шу синовли кунларда Сиз билан бизнинг ҳамкорлигимиз ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкам бўлиши керак ва шарт. Сабаби, нуридийдангиз, кўзингизнинг оқу қораси, азиз фарзандингиз Сизнинг ёнингизда, қарамоғингизда.
Коронавирус инфекциясини юқтириб олмаслик учун “Уйда қолинг!”, кўча ва бозорларга, аҳоли кўп тўпланадиган жойларга аввало ўзингиз боришдан сақланинг, яқинларингиз ва фарзандларингизга ғамхўрлик қилинг.
Шунингдек, келажагимиз эгалари бўлган ўғил-қизларимизнинг таълим-тарбиясига вақт ажратинг ва улар билан доимо шуғулланинг.
Бунда, Сиз мактабгача таълим вазирлиги ташаббуси билан “Болажон” телеканалида эфирга узатилаётган ҳар бир машғулотларни ўтказиб юборманг! Телевизион дастурлар орқали 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болажонларимиз учун мўлжалланган “Илк қадам” ва “Ақлвой” номли машғулотларини кузатиб, тарбияланувчиларнинг онлайн машғулотларда қандай иштирок этаётганликларини ҳамда берилган вазифаларнинг қандай бажараётганликларини мунтазам назорат қилиб боришингиз мумкин.
Шу ўринда вилоят мактабгача таълим тизими жамоаси томонидан “Таълим-тарбияда танаффус бўлмаслигига керак” деган улуғ мақсадни ўз олдига қўйган ҳолда иш олиб бормоқда.
Карантин бошлангандан буён барча мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари “Онлайн-боғча” тизимида асосида иш ташкил этиб келмоқдалар. Улар болажонларнинг уйларидаги бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида ота-оналарга болаларнинг қўл меҳнати, ясаш, қуриш, расм чизиш, спорт, ўқиш, шеър ёдлаш, қўшиқ айтиш, рақсга тушиш билан шуғуланишларини ташкил этишда онлайн тарзда методик ёрдам бериб келмоқдалар.
Вилоят мактабгача таълим бошқармаси ташаббуси билан фаолият бошлаган расмий каналларимизга қўшилинг. “Телеграмм” ва “Фейсбук” ижтимоий тармоқлари орқали онлайн ҳамкорлик қилаётган тажрибали педагог ва тарбиячиларимиз ҳар доим Сизга ёрдам беришга тайёр.

Қадрли вилоятимиз аҳли ва азиз фуқароларимиз!

Бугунги шундай даврда ҳеч қандай тушкунликка берилмай, вазиятни оқилона баҳолаб, “Уйда қоламиз!” ва имкониятлардан тўғри фойдаланиб, коронавирус инфекциясига қарши биргаликда курашамиз.
Бунинг учун ҳар бирингиздан қатъий тартиб-интизом, метин ирода, шахсий гигиена талабларига доимий риоя этиш, орқали эришамиз.
Биз бир бўлиб, бир мақсад йўлида жипслашиб, Давлатимиз раҳбари ва ҳукумати олдимизга қўйган талабларни сўзсиз бажариш учун “Уйда қоламиз”. Сиз ҳам коронавирус пандемиясидан бутунлай ҳоли бўлиш учун албатта “Уйда қолинг!”
Яратган эгам ҳар биримизни ўз паноҳида асрашини ва дорил-омон кунлар тезроқ қайтишини тилаган ҳолда бу йўлда барчамизни сабр-бардошли, ҳар жабҳада ҳамжиҳат ва бирдам бўлишни сўраб қоламиз!

Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармаси

АМАЛИЙ СЕМИНАР

on .

Наманган шаҳар мактабгача таълим бўлими, шаҳар тиббиёт бирлашмаси ва шаҳар ДСЭНМ мутахассислари иштирокида  Наманган шаҳридаги 18-сонли мактабгача таълим ташкилотида Коронавирус, ўткир юқумли касалликларни  олдини олиш юзасидан ўқув амалий семинари ўтказилди.

8 МАРТ – “ХАЛҚАРО ХОТИН-ҚИЗЛАР КУНИ”

on .

8 март – “Халқаро хотин-қизлар куни” байрамига бағишлаб Наманган шаҳар мактабгача таълим бўлимига қарашли барча мактабгача таълим ташкилотларида байрам тадбирлари ташкил этилмоқда.

Байрам тадбирларда ташкилот тарбияланувчилари томонидан тайёрланган бадиий  ва мусиқий чиқишлари тадбир иштирокчиларида катта таъссурот қолдирди.

МУКОФОТ МУБОРАК!

on .

Мактабгача таълим тизимида узоқ йиллик самарали меҳнати, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштроки, республикамиз тараққиётига қўшаётган салмоқли ҳиссаси учун Наманган вилояти, Наманган шаҳри 1-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти мудири Шамсибаева Муқаддас Мамадалиевна Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Бошқарувининг 2020 йил 18 февралдаги Б-03-14-сонли қарорига кўра “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан мукофатланди.

3 март куни вазирликда бўлиб ўтган учрашувда мактабгача таълим вазири Агрипинна Шин Муқаддас Шамсибаевани ушбу мукофот билан самимий қутлар экан, унинг мактабгача таълим тизимида ушбу нишонга сазовор бўлган биринчи аёл эканлигини эътироф этди ва унинг келгусидаги фаолиятига катта зафарлар тилади.

“Мўътабар аёл” кўкрак нишони Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5325-сон Фармонига мувофиқ таъсис этилган.

манба: mdo.uz

МТТларда ЧУҚУРЛАШТИРИЛГАН ТИББИЙ КЎРИК

on .

Наманган шаҳар мактабгача таълим бўлимига қарашли барча мактабгача таълим ташкилотларида мунтазам чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилмоқда.

Шаҳардаги мактабгача таълим ташкилотларида Ўзбекистон Санитария-эпидемиология назорати маркази 2018 йил 27 апрелда тасдиқланган 0355-18-сонли меъёр асосида мактабгача ёшдаги болалар соғлиғини таъминлаш мақсадида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этиб ўтказилмоқда.