БАЙРАМ ТАРИХИ ВА АНЪАНАЛАРИ

on .

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни кўпчилик мамлакатларда 69 йилдан буён  ёзнинг дастлабки санасида нишонлаб келинмоқда. Дам олиш куни бўлмаса ҳам бу кун ҳақиқий болалар байрами ҳисобланади.

 1949 йилда Парижда Аёлларнинг  халқаро демократик федерацияси конгресси бўлиб ўтди. Унда болаларнинг бардамлиги ва бахт-саодатининг кафолати бўлган мустаҳкам тинчликни таъминлаш учун доимий кураш ҳақидаги шиор янгради. Чунки иккинчи жаҳон урушидан кейин сайёрамизда яшовчи барча болажонларнинг соғлиқ ва хотиржамлигини сақлаш долзарб муаммога айланиб қолган эди.

 1950 йилдан эътиборан 1 июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида нишонлана бошлади. 1989 йилда БМТ Бош  Ассамблеяси болалар ҳуқуқлари тўғрисида Конвенция қабул қилди. Унда бутун дунё мамлакатлари учун болалар хуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш зарурлиги баён этилган.

 Аксарият  мамлакатларда бу байрамда болалар ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилиш ҳақида мунозара ва маърузалар ўтказилади. Шунингдек,  турли-туман қувноқ ва маданий оммавий тадбирлар, спорт мусобақалари, концертлар ташкил этилади. Даволанишга муҳтож ва ногирон болалар ҳолидан хабар ҳам олинади.   

 

МТМ ДА ҚЎШ ТАДБИР

on .

     

 Намангандаги 42-МТМ шаҳардаги энг катта мактабгача таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Мудира Гулнора Темированинг айтишича, мазкур даргоҳда бугунги кунда  245 ўғил-қиз  тарбияланади. Йигирма нафар педагог ходим болалар билан янги педтехнологмялар асосида иш олиб боришади.

Масалан, Ҳулкар Саидохунова улар орасида энг тажрибалиси ҳисобланади. Шаҳло Жамолова, Зулфия Раҳматуллаева, Сайёра Деҳқонова каби боласевар тарбиячилар меҳнатидан ҳам ота-оналар мамнун. Психолог Муҳаббат Мирзапарова, логопед Дилором Қодирова каби мутахассисларнинг фаолияти кўпчиликка манзур. Педагогик жамоа аъзолари  “Илк қадам” дастури асосида ибратли ишлар олиб бормоқдалар.

Эътиборли жиҳати – муассаса ходимларининг жамоатчилик ишларида фаоллиги эътироф қилинган. Айниқса, “Адолат” СДП Наманган шаҳар кенгаши билан кейинги вақтда ўтказилган қатор тадбирлар барчада яхши таассурот қолдирди. Куни кеча,  бу ерда сафдошларимиз билан биргаликда қўшалоқ тадбир ўтказилди. Улар Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланди.

Дастлаб ота-оналар иштирокида “Хайр боғча, салои мактаб тадбири” ташкил этилди. Янги ўқув йилида биринчи синфга қадам қўядиган кичкинтойлар мураббиялар раҳбарлигида тайёрланган байрам дастурини намойиш этишди. Унда болалар ўзларининг ҳарфларни таниганликларни,  ўқишни ўрганликларини кўрсатишди. Уларнинг ёддан ўқиган шеърлари, куйлаган қўшиқлари ҳам бирчага манзур бўлди.

   

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси Исроил Жўраев раҳбарлигидаги бир гуруҳ фаоллар педагоглар жамоасини ва жажжи ўғил-қизларни яқинлашиб келаётган Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан қизғин табриклашди. Тарбияланувчиларга ҳомийлар кўмагида тайёрланган шашка тахтаси совға қилинди. Бу ўйинни яхши ўзлаштирган Билолхон ва Муниса ўз маҳоратларини дастлабки баҳсда синаб кўришди. Уларни тўпланганлар қизғин қўллаб туришди. Ҳар бир муваффақиятли юриш қилинганда олқишлар янгради. Муниса шашка доналарини суришда маҳорати юқорилигини кўрсатиб, ғалабага эришди. Ҳар икки иштирокчига совға – китоблар топширилди. МТМда янги ташкил этилган кутубхонага эллик нусхага яқин болалар адабиёти намуналари ҳам туҳфа қилинди.

 – “Адолат”чилар билан биргаликда ташкил этилган бугунги тадбир иштирокчидарнинг ёдида узоқ вақт сақланиб қолади, - дейди 42-МТМ психологи Муҳаббат Мирзапарова. - Айниқса, болаларга шашка тахтаси совға қилингани учун миннатдормиз. У ва кутубхонамизни тўлдирган китоблардан таълим-тарбия жараёнида унумли фойдаланамиз. Партия вакиллари билан ўзаро ҳамкорликни келгусида янада кенгайтиришга келишиб олдик.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ.

“ГУЛ БАЙРАМИ” ДАВОМ ЭТМОҚДА

on .

Гўзал ва бетакрор Наманган заминида ҳар йили анъанавий равишда ўтказиб келинаётган гул байрами тантаналари давом этмоқда. Гуллар шаҳридаги илк “Гул байрами” 1961 йил 19 августда бўлиб ўтган эди.

Мустақиллик йилларида байрамнинг мазмун-моҳияти янада бойитилди. Бу йил 59-марта ўтказилаётган айём эндиликда “Халқаро гул байрами” фестивали мақомини олди. Боиси, кейинги йилларда нафақат юртимизнинг бошқа вилоятлари, балки қўшни ва хорижий давлатларнинг гулчилари ҳам бу анъанавий байрамга қўшилдилар

Шунингдек ушбу байрамда Наманган шаҳар мактабгача таълим бўлими ва мактабгача таълим муассасалари ходимлари ҳар йилгидан ҳам фаол иштирок этмоқдалар.

МТМ ФАОЛИЯТИНИ ТЕКШИРИШ ТАРТИБИ БЎЙИЧА МАЪЛУМОТ

on .

Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини текшириш тартиби бўйича қисқача маълумот.

 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 апрелдаги №352-сон «Мактабгача ҳамда умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш ишларини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорида қайд этилган муҳим бандлар:

◾️ МТМда режалаштирилган текширувларни ўтказиш ваколатли текширув органлари томонидан, фақатгина йиллик текширув режа-графиги бўйича амалга оширилади;

 ◾️ МТМларининг йиллик текширув режа-графиги лойиҳаси, МТМларининг тўлиқ рўйхати, уларнинг манзиллари, тўлиқ номи, вазирликлар, идоралар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари билан келишиш мақсадида режали текшириш даврларини аниқ кўрсатган ҳолда, электрон кўринишда тақдим этилади; 

◾️ Янги ташкил этилган МТМнинг режали текшируви, қонун ҳужжатларида кўрсатилган ҳолатлардан ташқари, 2 йил давомида ўтказилмайди; 

◾️ МТМнинг фаолиятини режали ва режасиз текшириш даври 10 календарь кунидан ошмаслиги лозим.

 МТМни фақатгина режалаштирилган асосда ва Мактабгача таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда текшириш ҳуқуқига эга ваколатли давлат органлари ва идоралари:

  • Ички ишлар вазирлиги ва унинг вояга етмаганлар орасида қонунбузарлик ва назоратсиз қолиш профилактикасини амалга оширувчи махсус бўлинмалари; 
  • Ёнғин хавфсизлиги давлат хизмати; 
  • Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитар-эпидемиологик назорат давлат хизмати; 
  • Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги; 5.Фавқулотда вазиятлар вазирлиги; 6.Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси.

 - режалаштирилган текширув - МТМ билан режа-графигига асосан келишилган ҳолда ўтказиладиган текширув;

- режалаштирилмаган текширув - вазирлик ёки идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари тасарруфида бўлган МТМларни тасдиқланган режа-графигидан ташқари,  келишилган ҳолда ўтказиладиган текширувдир.

Манба: mdo.uz

ТОШКЕНТДА МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ СОҲАСИГА БАҒИШЛАНГАН БИРИНЧИ ЎЗБЕК-ХИТОЙ ФОРУМИ БЎЛИБ ЎТАДИ!

on .

Тошкентда мактабгача таълим соҳасига бағишланган биринчи ўзбек-хитой Форуми бўлиб ўтади!

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан, ўзбекистонлик ва хитойлик мутахассислар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ўйинчоқлар, ўйинлар ва ўйингоҳлар ишлаб чиқарувчилар билан қўшма корхона тузишни кўзда тутган ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ташкиллаштирилмоқда.  Шунингдек, ўзбекистонлик ва хитойлик ишбилармонлар ўртасида B2B музокаралар ҳам режалаштирилган.

Форум 2019 йил 24 май куни "Wyndham Tashkent" меҳмонхонасида бўлиб ўтади. Тадбир иштирокчилари орасида – давлат ва хусусий МТМ раҳбарлари, вазирликлар, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпуслар вакиллари, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият кўрсатувчи ва Хитойдан келган дидактик ўйинлар, ўйинчоқлар ва ўйингоҳлар ишлаб чиқарувчилари иштирок этишади.

Тадбир дастуридан, Шарқий Хитой педагогика университети профессори, Эшитиш ва сўзлашиш қобилияти реабилитацияси маркази бошлиғи, Пекин Педагогика университетининг мактабгача таълим илмий институти директори ва Хитой Халқ Республикасидан келган бошқа мактабгача таълим мутахассисларининг тақдимотлари ўрин олган.

Манаба: mdo.uz