“СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНТИРИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ОЙЛИГИ”

on .

Мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчиларни хавфсиз ва соғлом овқатлантиришни ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишларни такомиллаштириш ҳамда мактабгача таълим муассасалари ошхоналарида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиш, санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тадбирлар самарадорлигини ошириш, овқат тайёрлаш учун масъул ходимлар (ҳамширалар, ошпазлар ва омбор мудирлари)нинг билимларини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жорий йил 27 феврал куни 2/36-сонли мактабгача таълим муассасаларида “Соғлом овқатлантиришни ташкил этиш ойлиги”ни ўтказиш тўғрисидаги қўшма қарори қабул қилинди.

    Қўшма қарорда қуйидаги вазифаларни амалга ошириш кўзда тутилди:

        мактабгача таълим муассасалари ошпазлари, омборчилари, ҳамширалари учун мактабгача таълим муассасаларида таом тайёрлаш жараёнида технология қоидаларига амал қилиш, озиқ-овқат омбори ишини тўғри ташкил этиш, мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчилар овқатлантиришини ташкил этишда санитария-гигиена талаблари ва қоидаларининг бажарилишини таъминлаш  юзасидан ўқув-семинарлар ўтказиш;

         мактабгача таълим муассасалари учун харид қилинаётган маҳсулотларнинг сифатли бўлиши, муассасаларда ташкил қилинган бракераж комиссиялари фаолиятини самарали ташкил этиш;

          мактабгача таълим муассасалари ошхоналарининг технологик жиҳозлар, совуткичлар, ошхона жиҳозлари, омборхонада маҳсулотларни сақлаш шароитларининг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мослиги юзасидан хатлов ўтказиш.  

Жорий йилнинг март ойидан бошлаб мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантиришни ташкил этишга масъул ходимлар (ошпазлар, омборчи ва ҳамширалар)нинг овқат тайёрлаш технологияси, маҳсулотларни сифатли қабул қилиш, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиш юзасидан билим даражасини ва маъсулиятини ошириш  доимий тартиб этиб белгиланди.

Республиканинг барча туман(шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари ва Давлат санитария эпидемиология марказлари томонидан 2 март куни ошпазлар, 16 март ҳамширалар ва 30 март куни омборчилар учун ўқув семинарлари ўтказилади.

Манба: mdo.uz

РОССИЯ ФАН ВА МАДАНИЯТ МАРКАЗИНИНГ ГУМАНИТАР ЁРДАМИ

on .

25 февраль куни Мактабгача таълим вазирлигида Россия фан ва маданият Маркази ("Россотрудничество") директори В.Н.Шулика вазирлик раҳбариятига 130 дан ортиқ китобларни совға сифатида топширди. "Россотрудничество" нинг гуманитар ёрдами болалар учун бадиий адабиёт, рус тилини ўрганиш бўйича қўлланмалар, методик адабиёт, ривожлантирувчи босма материаллар тўпламини ўз ичига  олган. Ушбу гуманитар ёрдам шу йил 18–февралдаги вазирлик раҳбариятининг РФ элчихонаси вакиллари билан  бўлиб ўтган учрашуви чоғида вазирлик томонидан берилган сўровга кўра амалга оширилди.

 В.К.Шулика ушбу хайрия акцияси ҳамкорликнинг дастлабки босқичи бўлиб,  "Россотрудничество"  уни бошқа йўналишларда ҳам давом эттиришини билдирди.      

МТВ ва "Россотрудничество" тез орадв ҳамкорлик шартномасини имзолашни режалаштирмоқда.

Манба: mdo.uz

ЎЗБЕКИСТОН ОЧИҚ ЧЕМПИОНАТИ

on .

Яқинда Тошкент шаҳрида бадиий гимнастика спорт тури бўйича “Зимняя сказка” шиори остида мтм тарбияланувчилари ўртасида Ўзбекистон очиқ чемпионати ўтказилди.

Унда Наманган шаҳар мактабгача таълим бўлимига қарашли 53-сонли мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиси Омина Абдумажидова ҳамда   6-кичик нохияда жойлашган “АБВГДейка-2” номли нодавлат мактабгача таълим муассасаси  тарбияланувчиси Умарова Мохларойлар иштирок этдилар.

Баҳсларда фахрли иккинчи ўринни Омина Абдумажидова ва учинчи ўринни Мохларой Умаровалар эгалладилар.  

“БОЛАЛИК КУНЛАРИМДА” ЛОЙИҲАСИНИНГ ТАҚДИМОТ МАРОСИМИ БЎЛИБ ЎТДИ

on .

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлигида  ,, Болалик кунларимда,,  лойиҳасининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Ушбу лойиҳа Агентлик ташаббуси билан Мактабгача таълим вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. 

Лойиҳадан мақсад –ўзбек халқ эртакларининг аудио талқинини яратиш орқали халқ оғзаки ижоди намуналарини келажак авлодга етказиш..Лойиҳага профессионал муҳаррирлар, руҳшунослар , овоз режиссёрлари, профессионал актёрлар жалб этилган бўлиб, у аудиоспектакль шаклида яратилган. Аудиоэртаклар рус ва ўзбек тилларида тақдим этилмоқда.                                       

,,Эртаклар болалар учун нафақат қизиқарли воқеалар  баёни, балки улар тарбиясида самарали педагогик восита ҳамдир. Шунинг учун ҳам аудио эртакларни таълим жараёнига  интеграциялаш, улардан ўқитишда ривожлантирувчи усул сифатида фойдаланиш режалаштирилмоқда,, –деди МТВ бош бошқармаси бошлиғи Елена Тен.                            

  Ушбу ҳамкорликнинг яна бир меваси, бу айни кунда поёнига етаётган,, Миллий персонажлар образини яратиш бўйича танлов,,  бўлиб, ушбу танловга бугунги кунга қадар 1000 дан ортиқ ишлар қабул қилинди.                                        

,,Биз бугун тақдим этаётган лойиҳа  ,ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларнинг дастлабкиси ва уни яна бир неча йўналишда давом эттириш режалаштирилган.Ишимизга бериладиган баҳо, мутахассислар фикри, таклифларини кўриб чиқиш ва қабул қилишга ҳар вақт   тайёрмиз,,–деди ўз чиқишида  Агентлик раҳбари Комил Алламжонов.                    

  Айни вақтда лойиҳа таъсисчилари томонидан ижтимоий тармоқларга  ўзбек ва рус тилларида бешта эртак юкланган. Эртаклар юкланган дисклар Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тасарруфидаги дўконларда сотувга чиқарилади.

Манба: mdo.uz

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ - БУГУНГИ КУННИНГ ЭНГ МУҲИМ ВАЗИФАСИ

on .

Рустамжон АТАМИРЗАЕВ,

Наманган шаҳар мактабгача таълим бўлимининг мудири.

Бугунги кунда мактабгача таълимни ривожлантириш Ватанимизнинг келажаги ҳисобланган ёш авлод ҳақида ғамхўрликнинг ёрқин намунаси сифатида баҳоланаётгани бежиз эмас. Давлатимиз раҳбарининг шу масалага оид қабул қилган қатор ҳужжатлари, йиғилиш ва учрашувларда берган кўрсатмалари соҳа ходимлари учун дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Президент Шавкат Мирзиёев яқинда Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида ҳам Чимбой туманидаги  мактабгача таълим муассасаларидан бирида бўлди. У боғчада болаларга яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Мен давлатимиз раҳбари билдирган фикрлар билан ҳам қизиқиб танишдим. Уларни сиз ҳам ўқиб кўринг: "Мактабгача таълим тизимига алоҳида эътибор қаратаётганимиз бежиз эмас.  Ёшлар тарбиясига бугундан эътибор бермасак, эртага кеч бўлиши мумкин." Бу сўзлар замирида ҳам келажак авлод ҳақида ғамхўрлик яққол кўзга ташланмоқда. Болаларнинг овқатланиши, тарбияланувчилар учун шароитлар яратиш, кадрлар тайёрлашга эътибор, янги қурилаётган боғчаларнинг лойиҳаси мукаммаллигини таъминлаш тўғрисидаги фикрлар ҳам ўзининг долзарблиги билан ажралиб туради.

Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича тадбирлар шаҳримизда ҳам изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бундан бир йил муқаддам бўлимимиз ташкил этилган пайтда  58 та давлат (шундан 5 та махсус, 1 та санатор), 9 та нодавлат  ва 1 та ташкилотга қарашли, жаъми 68 та мактабгача таълим муассасалари мавжуд эди. Уларга жами  8448 нафар бола жалб этилган бўлиб, бу кўрсаткич 23,1 фоизни ташкил этарди. Шунинг учун дарҳол МТМга қамров даражасини ошириш юзасидан режалар ишлаб чиқилиб, ҳаётга тадбиқ этила бошланди.

Жумладан, учта мактабгача таълим муассасасининг филиали кенгайтирилиб, уларга  мустақил  мақом берилди. Кам қувватли МТМларда эса 48 та қисқа муддатли гуруҳлар очилди. Шунингдек, 2018 йил давомида нодавлат ҳамда давлат-хусусий шерикчилик асосида 32 та мактабгача таълим муассасалари ташкил этилди. Ҳозирги кунда мавжуд 103 та МТМда 12538 нафар бола тарбияланмоқда. Бу, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кўрсаткич 12 фоизга яхшиланганини билдиради.

Ўтган бир йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан  бўлимимиз жамоаси қатор ишларни амалга оширди. Тўлиқ таъмирланган ва ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган бинода иш бошладик. Дастлабки кунларданоқ асосий эътибор таълим-тарбмя жараёнларини такомиллаштиришга қаратилди. Мисол учун, 1- ва 44-мактабгача    таълим муассасаларида "Замонавий таълим муассасаси" ҳамда "Методист тарбиячилар муассасаси" ўқувлари ташкил этилди. Режа асосида ҳар ойнинг шанба кунлари  мудиралар, тарбиячилар ҳамда хамширалари иштирокида ўқув семинарлари ўтказиб келинмоқда. Ушбу семинарларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг мактабгача таълимга оид фармон ва қарорлари, мактабгача таълим муассасаларида машғулотларни ўтиш, кузатиш, тахлил қилиш, бахолаш, ишлари муассасаларда тарбияланувчилар учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва янги педагогик технологиялардан фойдаланиш орқали таълим сифатини ошириш мақсадида олиб борилаётган ишлар юзасидан фикрлар алмашилди. Шунингдек, бўлим томонидан янги нодавлат мактабгача таълим муассасалари ташкил этаётган тадбиркорлар ва ташаббускорларга узлуксиз методик ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Мактабгача таълим ходимларининг касб малакасини ва моратини ошириш, илғорлар тажрибасини оммалаштириш мақсадида турли кўрик-танловларни юқори савияда ўтказишга интилмоқда. Уларда ғолиб чиққанлар ва яхши натижага эришганлар моддий ҳамда маънавий жиҳатдан рағбатлантириб борилмоқда. Бунда бизга тармоқ ходимлари касаба уюшмаси шаҳар кенгаши кўмак бермоқда. Масалан, бу йил биринчи марта "Йилнинг энг яхши мактабгача таълим муассасаси ошпази" кўрик-танлови ташкил этилди. Унда  6-мактабгача таълим муассасаси ошпази Марҳабо +аюмова ғолиб чиқди. Тарбиячи ва педагоглар ўртасида ўтказилган "Ўйинчоқлар устаси" кўрик танлови ҳам жамоаларда ижодий муҳитни ривожлантиришда муҳим омил бўлди. "Йилнинг энг фаол ёш тарбиячиси" кўрик-танловининг ғолиби Нозима Ғафурованинг (24-МТМ) иш тажрибасини оммалаштиришга ҳам қарор қилинди. Шу каби тадбирлар ҳаммани ўз устида ишлашга, билим даражасини ўстириб боришга даъват этадики, бу пировард натижада ютуқларни янада кўпайтиришга хизмат қилади.

Бир неча ойдирки, шаҳримизда "Илк қадам" мактабгача таълим муассасасининг давлат таянч дастури асосида иш олиб борилмоқда. Дастлаб бу масала юзасидан илмий-амалий семинар ўтказилди. Унда МТМларда фаолият кўрсатаётган салкам 700 нафар тарбиячи-педагог қатнашди. Мазкур дастурни жорий этиш   янги педагогик технологиялардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш, методик хизмат самарадорлигини ошириш имконини беради.

Албатта, ҳар қандай мураккаб вазифани ҳал этиш учун биринчи навбатда юқори    малакали, масъулиятли ва ишончли кадрлар зарур. Мактабгача таълимга ҳам бу масала дахлдорлигини ҳеч ким инкор этмайди. Ўтган йилги маълумотларга назар ташласак, шаҳримиздаги муассасаларда  863 нафар педагог-ходимлар фаолият юритарди. Уларнинг  21,5 фоизигина олий маълумотга эга эди. Шу йил давомидагина вазиятни ўнглаш мақсадида кўрилган қатор чоралар ўз самарасини берди.

Биз мактабгача таълим муассасасида ишлаш истагини билдирган 183 нафар олий маълумотли педагогларни тўрт ойлик қайта тайёрлов курсларида таҳсил олганларидан сўнг ишга қабул қилдик. Бу билан олий маълумотли мутахассислар сони 300 нафардан ортиқ, ёки 30 фоизга етказилди.  Бундан ташқари, 83 нафар ўрта махсус маълумотли педагоглар Наманган Давлат Университети махсус сиртқи бўлимига ўқишга қабул қилинган. Демак, келгуси йил охирига бориб, соҳадаги  педагогларнинг 40 фоизини олий маълумотлиларни ташкил этади. Аммо бу ҳам чегара эмас ва биз мазкур  йўналишдаги изланишларни  давом эттирамиз.

Наманган шаҳар мактабгача таълим тизимида ечимини кутаётган айрим муаммо ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда мактабгача таълим муассасаларини янада ривожлантириш юзасидан 2018 йилга мўлжалланган "Йўл харитаси" ишлаб чиқилди. Унга асосан мактабгача таълим муассасалари машғулот хоналарини талаб даражасига келтириш, қаттиқ ва юмшоқ жиҳозлар билан таъминлаш, дидактик, ўқув-методик маҳсулотлар, тарбияланувчиларнинг қўл моторикасини ривожлантирувчи ўйинчоқлар етказиб бериш назарда тутилган. Айни вақтда МТМларнинг компьютер техникасига бўлган эҳтиёжини қондириш,  кутубхоналар ташкил этиш ҳам режалаштирилган. Шунингдек, ичимлик суви, табиий ёки суюлтирилган газ муаммоларини ҳал этиш, озиқ-овқат маҳсулотлари сақлаш учун омборхоналар қуриш муҳим вазифалар қаторида белгиланган. Мазкур    йўналишларда зарур ишлар охирига етказилмоқда.

Албатта, фаолиятимизда эришилган яхши натижалар билан бирга йўл қўйилган камчиликлар, фойдаланилмаган имкониятлар ҳам бор. Биз ўз ишимизга танқидий-таҳлилий баҳо берган ҳолда бутун куч-ғайратимизни олдимизда турган энг долзарб ва муҳим вазифаларни бажаришга сафарбар этаверамиз.